Ҳиндистондаги етакчи клиникалардан бири BLK Super Specialty Hospital Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг халқаро иқтисодий алоқалар бўлими билан ниятлар ҳақида баённома имзолади. Унга мувофиқ, томонлар келаси уч йил давомида Ўзбекистон фуқароларига диагностика ва ихтисослаштирилган консультация соҳасида тақдим этилаётган хизматлар сифатини BLK Super Specialty Hospital кўмагида оширишни режалаштирмоқда.
Ушбу клиника мутахассислари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида жарроҳлик ва даволаш хизматлари соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш устида иш олиб боради.
BLK Super Specialty Hospital ижрочи директори Нареш Капур таъкидлашича, клиника туғма юрак касаллигидан азоб чекувчи беморлар учун жарроҳлик операцияларини ўтказишни режалаштирмоқда. Бундай операциялар BLK Super Specialty Hospital клиникасида, шунингдек, Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган клиникаларда олиб борилади.
Ушбу баённома шартларига кўра, Ўзбекистондаги ночор оилаларнинг туғма юрак касалликларидан азоб чекувчи фарзандларига тиббий кўмак берилади. Бундан ташқари, хаста болаларни кўрикдан ўтказиш ва уларни операция қилиш учун зарур шароитлар яратиб берилади.
Изоҳ (0)