Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси ўз таркибига тажрибали ҳужумчи Баҳодир Насимовни қўшиб олди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум вақт жамоа машғулотларида қатнашиб, мураббийлар штабида илиқ таассурот қолдирган Баҳодир Насимов ва клуб ўртасида битим имзоланди.
Баҳодир катта футболга Самарқанднинг «Динамо» жамоаси орқали қадам қўйган. Бу жамоадаги олти йиллик фаолиятидан сўнг Насимов 2009 йилнинг бошларида «Бунёдкор»да пайдо бўлди. «Қалдирғочлар» билан МДҲ кубогида иштирок этиб, бешта гол билан мусобақанинг энг яхши тўпурарларидан бири бўлди. Шундан сўнг у Қозоннинг «Рубин» клуби билан уч йиллик шартнома тузди.
Насимов 2010 йилнинг ёзида Бокунинг «Нефтчи» жамоасига ўтди. У бокуликлар сафида уч карра Озарбайжон чемпионлигини, икки бор мамлакат кубогини қўлга киритди. 2011/12 йилги мавсумда эса 16 та голи билан Озарбайжон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлди.
Ҳужумчи 2014/15 йилги мавсумнинг биринчи қисмини Эроннинг «Падидеҳ» клубида ўтказди.
У Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 20 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблари дарвозасига 5 та гол урган.
Изоҳ (0)