Саудия Арабистони 3 январь, якшанба куни кечки пайт Эрон ислом республикаси билан дипломатик алоқалар узилганини эълон қилди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр бу ҳақда тегишли баёнот берган, дея хабар қилади «ТАСС».
«Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларни узади ва Эрон дипломатик миссиясининг барча ходимлари 48 соат давомида мамлакатни тарк этишини талаб қилади. Биз Эронга хавфсизлигимиз ва барқарорлигимизга таҳдид қилиш, мамлакатимиз ёки иттифоқдош давлатлар ҳудудида террорчилик ўчоқларини ташкил этишига йўл қўймаймиз. Дипломатик алоқаларнинг узилиши биз учун мақбул эканлиги тўғрисидаги қарорга келдик, чунки Эрон терроризм тарқалишига омил бўлишда давом этмоқда. Биз ҳуқуқларимиз кафолатланиши учун барча керакли чораларни кўрамиз», — дейилади мазкур баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрон парламенти — мажлис нуфузли шиа уламоси Нимр ан-Нимр қатл этилгани туфайли мамлакат ташқи ишлар вазирлигини Саудия Арабистони билан дипломатик муносабатлар даражасини пасайтиришга чақиргани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)