Англияда шахмат бўйича анъанавий шахмат фестивали давом этмоқда. Ўз тарихида 91-маротаба ташкил этилаётган Hastings International Chess Congress турнирида ўзбекистонлик ёш гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов ҳам иштирок этяпти, деб хабар беради «Оламспорт».
Воҳидов ушбу мусобақада бешинчи рақам остида таснифланган.
Бугун, 4 январь куни ўтказилаётган 8-тур олдидан Жаҳонгир Воҳидов 5,5 очко билан турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди. Дастлабки икки ўринни банд этган венгриялик Ференц Беркеш ва польшалик Александер Миста ҳисобида ҳам 5,5 тадан очко бор. Ҳар икки гроссмейстер ҳам рейтингда Жаҳонгирдан юқорида турибди.
Фестивалнинг асосий турнири Tradewise Hastings Masters бўлиб, айнан шу мусобақада Жаҳонгир Воҳидов иштирок этяпти. Самарқандлик шахматчи 8-турда оқ доналарда 4-поғонадан жой олиб турган венгриялик Фодор Тамаш билан ҳисоб-китоб қилади.
Изоҳ (0)