Рождествода болаларга совға улашиш учун йўлга чиққан Санта-Клаус ўзининг дунё бўйлаб саёҳатини якунлади ва Шимолий қутбга қайтиб келди. Бу ҳақда унинг ҳаракатланишини кузатиб борган Шимолий Америка космик-ҳаво қўмондонлиги (NORAD) маълумотига таяниб, «Интерфакс» хабар беради.
Ўз саёҳати давомида Санта-Клаус дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, Россиянинг бир қатор шаҳарларига ташриф буюрди. У ташриф буюрган охирги пунктлардан бири Гавайидаги Гонолулу шаҳри бўлди.
Саёҳати давомида Санта-Клаус 7 281 439 471 та совға тарқатди.
Бу сафар Санта уруш ўчоғидаги Сурияни ҳам четлаб ўтмади. У Алеппо шаҳрига ташриф буюрди. Сомали ва Бруней ҳукумати ушбу давлатларда Рождествони нишонлашни тақиқлаганлигига қарамасдан, Санта-Клаус Могадишо ва Бандар-Сери-Бегаван шаҳри болаларига ҳам совғалар улашди.
Чанада совғалар ташувчи Санта-Клаус ва буғу Рудольфнинг ҳаракатланишини кузатиш учун ҳар йили АҚШ ва Калифорниянинг турли ҳудудларида жойлашган ўнлаб радиолокация станцияларидан фойдаланилади.
Изоҳ (0)