Россия нефть нархларининг тушиши оқибатидаги иқтисодий пасайиш туфайли Қирғизистонда олдин келишилган икки лойиҳани молиялаштириш имконига эга эмас. Бу ҳақда 24 декабрь, пайшанба куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳар йилги матбуот анжумани чоғида маълум қилди, дея хабар беради «РБК».
«Россия иқтисодиёти кўтарилишда бўлмаган, нефть нархи эса пасайишда давом этаётган ҳозирги ҳолатда Россия мазкур келишувларни амалга оширолмаслиги кўриниб турибди. Қирғизистон бу келишувлардан чиқиши ва Юқори Норин каскади ҳамда Қамбарота ГЕС қурилиши учун бошқа инвесторлар қидириши лозим. Бу лойиҳаларни тўхтатиб қўйишга ҳаққимиз йўқ. Мен буни Путин билан муҳокама қилдим ва Россия томони безовталигимизни тўғри тушунганини ҳис этдим», — дея таъкидлаган Атамбаев.
Россия 2012 йил сентябрида Қирғизистоннинг салкам 500 миллион доллар қарзидан кечган ва Юқори Норин каскади ҳамда Қамбарота ГЕС қуриб беришни ваъда қилганди. Икки лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард доллар атрофида баҳоланган.
Изоҳ (0)