АҚШ Архивлар ва ҳужжатлаштириш миллий бошқармаси Совет Иттифоқи ва Шарқий Европадаги ядровий зарбалар учун нишонлар рўйхатини эълон қилди. Meduza’нинг хабар беришича, ҳужжат Америка стратегик авиацияси қўмондонлиги томонидан 1956 йилда тайёрланган.
АҚШ стратегик авиациясининг биринчи галдаги вазифаси душманнинг ҳарбий-ҳаво кучлари инфратузилмасини, хусусан, совет блоки мамлакатларидаги 1100 аэродромларни йўқ қилиш бўлган. Мазкур йўналишдаги нишонлар орасида Ўзбекистон ҳудудидаги Андижон, Бойсун, Чирчиқ, Фарғона, Қарши, Наманган, Нукус, Самарқанд, Тошкент, Термиз каби шаҳарлар ҳам бор.
Рўйхатда «тизимли равишда йўқ қилиниши керак» бўлган нишонлар ҳам кўрсатилган. Улар орасида саноат корхоналари ва давлат муассасалари мавжуд. Хусусан, Москванинг ўзида 179, Ленинградда 145 нишон белгиланган. Нишонларнинг камида биттаси шунчаки «аҳоли» деб кўрсатилган. Саноат объектларига ядровий зарбалар бериш стратегик авиациянинг иккинчи навбатдаги вазифаси ҳисобланган.
Махфийликдан чиқарилган рўйхат фақат умумий ахборот беради. Унда йўқ қилиниши керак бўлган аниқ объектларнинг номлари ва манзиллари кўрсатилмаган. Бу маълумотлар ҳали ҳам махфийлигича қолмоқда.
Изоҳ (0)