«Юлдузлар жанги: Кучнинг уйғониши» кинофильми кинотеатрларда намойиш этила бошланган (17 декабрь)дан бери топган даромади 250 миллион долларга етди. Бу ҳақда Reuters берган маълумотларга асосан «РБК» хабар қилмоқда.
Disney компанияси таҳлилчиларининг фикрича, 20 декабрь, якшанбага келиб, АҚШ ва Канадада сотилган чипталар нархи 220 миллионга етиб, «Юра даври олами» фильмининг 208,8 миллионлик илк дам олиш кунларида чипта сотиш рекордини янгилаш арафасида турибди.
Бир қатор таҳлилчилар кинофильм тарихдаги энг кассабоп фильмга айланиши мумкин, деб ҳисобламоқда. 2009 йилда дунё бўйлаб 2,8 миллиард доллар миқдорида даромад кўрган «Аватар» фильми ҳозирча рекордчи бўлиб турибди.
Фильмнинг илк намойиши 24 декабрь кунига белгиланган Греция ва Ҳиндистондан ташқари, «Юлдузлар жанги: Кучнинг уйғониши» барча мамлакатларнинг кинотеатрларида намойиш этилмоқда. Шунингдек, фильм Хитойда ҳам 2016 йил 9 январда илк намойишга кечикиб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, «Юлдузлар жанги» фильмининг еттинчи эпизоди намойиши олдидан АҚШ ва Канадада чипта сотишдан рекорд даражада фойда кўрган бўлса-да, Disney компаниясининг акциялари пасайиб кетмоқда.
Изоҳ (0)