Қозоғистоннинг Бурабай шаҳарчасида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг тор таркибдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Kazakhstan Today.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев тадбир иштирокчилари: Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон президентлари, шунингдек, Молдова бош вазири ва Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари билан саломлашди.
Назарбоев мазкур тадбир МДҲ ривожига ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирди. У 17 та масалани қамраб олган мажлис кун тартибининг мазмунга бой эканлигини таъкидлади.
«Масалаларнинг катта қисми хавфсизлик ва ҳуқуқий тартибга бағишланган. Халқаро шартномалар пакетини имзолаш, дастурий ҳужжатларни тасдиқлаш, шунингдек, МДҲ давлатлари раҳбарларининг халқаро терроризмга қарши кураш бўйича ва БМТ ташкил топганига 70 йил тўлиши муносабати билан баёнот қабул қилиши режалаштирилган», — деди Қозоғистон президенти.
Аввалроқ Ислом Каримов МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Қозоғистонга жўнаб кетгани хабар берилган эди.
Давлат раҳбарларининг навбатдаги учрашувида МДҲ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, халқаро ва минтақавий миқёсдаги долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)