Volkswagen AG АҚШ бўлинмаси раҳбари Майкл Хорн экологик тестлар билан боғлиқ можароларда раҳбарият айбини инкор этиб, бутун масъулиятни компания муҳандисларига юклади. Бу ҳақда The Wall Street Journal маълумотларига таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
АҚШ Конгрессида 8 октябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган эшитувлар чоғида Хорн ишлаб чиқарувчи томонидан йўл қўйилган камчиликлар учун кечирим сўради. Унинг айтишича, дизель двигателли автомобилларнинг экологик меъёрларга тўғри келиши бўйича натижаларни қалбакилаштириш ортида «икки-уч нафар дастурий таъминот билан шуғулланувчи муҳандис» турган.
Хорн Volkswagen машиналари аниқланган камчиликларга қарамай хавфсиз эканлигини таъкидлаб, уларнинг дилерлардан қайта сотиб олиниши эҳтимолини инкор этди ва компания асосий эътиборини нуқсонларни бартараф этишга қаратгани, шу мақсадда 2016 йилдан бошлаб автомобилларни қайтариб олишни бошлашини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, концерн «дизелли можаро» доирасида уч нафар етакчи мутахассис — Audi бош муҳандиси Улрих Хакенберг, Volkswagen брендини ривожлантириш бўйича раҳбар Хайнс-Якоб Нюссер, шунингдек, пойга автомобилларини ишлаб чиқариш учун жавоб берган Вольфганг Хацни лавозимидан озод этган. Хорн уч нафар ходим ишдан бўшатилганини тасдиқлади, бироқ уларнинг исм-шарифларини ошкор этмади.
Куни-кеча Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари Volkswagen корхоналари ва компаниянинг бир қатор ходимлари уйларида тинтувлар ўтказгани. Олдинроқ мамлакат прокуратураси Volkswagen’нинг собиқ раҳбари Мартин Винтеркорнга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлагани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)