Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Ар-Риёддаги ҳиндистонлик уй хизматчисига нисбатан амалга оширилган оғир ҳужум юзасидан Саудия Арабистони ҳукуматига шикоят қилди. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар бермоқда.
Аввалроқ, ҳиндистонлик 58 ёшли Кастури Муниратхинам ўзи хизмат қилаётган уйдан қочиб кетишга уринган вақтда, унинг ўнг қўли иш берувчи томонидан кесиб ташлангани маълум бўлганди.
«Бунга тоқат қилиб бўлмайди. Мазкур масала юзасидан Саудия Арабистони ҳукуматига мурожаат қилдик. Элчихонамиз жабрланувчи билан мунтазам алоқада бўлиб турибди», — деб ёзди Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Шушма Свараж Twitter’даги саҳифасида.
Вазирнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон ҳукумати Саудия Арабистонида ҳиндистонлик аёлга нисбатан кўрсатилган номақбул муносабатдан жуда ҳам хавотирда. Ҳозирги вақтда аёл шифохонада қолмоқда.
Қариндошларининг сўзларига кўра, Ар-Риёддаги иш берувчилар аёлга нисбатан доимий равишда ёмон муносабатда бўлган. Жабрланувчининг оиласи Саудия ҳукуматидан товон пули ва даволаниш харажатлари тўлаб берилишини талаб қилмоқда.
Қайд этишларича, Саудия Арабистони ҳукумати ҳозирча мазкур ҳолатга ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.
Изоҳ (0)