Жамоатчилик олдида ҳар доим пўрим ва соқоли олинган ҳолда пайдо бўладиган Марк Рей исмли америкалик фешн-фотосуратчи Манхеттендаги кўп қаватли уй томида, брезент остида яшади. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
56 ёшли Маркни кўчада ёки машҳур модель ва дизайнерлар орасида ишлаётган вақтида кўриб, шундай парваришланган эркакнинг бошпанаси йўқлигига ишониш қийин. 2008—2014 йиллар оралиғида Рей кўп қаватли уй томида яшади, ўз буюмларини эса ўзи аъзо бўлган спорт зал шкафчасида сақлади, шу ерда ювиниб, таранди.
Режиссёр Том Уизерсон Маркнинг ҳаёт тарихидан шу қадар таъсирландики, уни экранга кўчиришга қарор қилди. Унинг «Homme Less» («Уйсиз») номли ҳужжатли фильми 2014 йили Нью-Йорк ҳужжатли фильмлар фестивалида намойиш этилиб, кинотанқидчиларнинг ижобий баҳоларини олди.
Фешн-фотосуратчи Марк Рей ўз фаолиятини 90 йилларнинг бошида бошлаган, дастлаб омади келмаган — йилига 10 минг доллар пул ишлаб топган — бу маблағ ўзини боқиш ва кийим-кечак сотиб олишга базўр етган, хонадонни ижарага олиш ҳақида эса гап-сўз ҳам бўлмаган.
Марк узоқ вақт давомида Нью-Йоркдаги хостелларнинг бирида яшаган, бироқ тахтаканалар чақиб, уни қақшатиб юборганидан сўнг, 2008 йили бу ерни тарк этган. Дўстлари унга мунтазам равишда тунаш учун жой таклиф қилади, бироқ у яна тахтаканаларни деб бу таклифларни рад этади — Рей ўз кийимларида тахтаканалар қолганидан хавотирланиб, дўстларининг уйини ҳам бу ҳашарот билан зарарлашдан қўрқади.
2006 йили Марк Dazed журналига ишга кирди ва ҳозирги кунга қадар мазкур нашр учун Нью-Йоркдаги мода ҳафталигидан фоторепортажлар тайёрлайди. Рей 2014 йил июлида томни тарк этди, бироқ ҳали ҳам унинг тайинли бошпанаси йўқ.
Изоҳ (0)