Кўпчилик жараёнлар ва менежментни зерикарли ва умидсиз деб, стартапларни эса қизғин ва қизиқарли, қоидаларга бўйсунмайдиган деб ҳисоблашга одатланган. Бироқ бунинг айнан акси тўғридир: стартапни яратиш қатъий қилиб белгиланган муайян қадамларга эга аниқ методикага бўйсуниши керак.
Эрик Риснинг «Бизнесни нолдан бошлаш. Ғояни тезкорлик билан синаш ва бизнес-модель танлаш учун Lean Startup усули» китоби сўнгги йилларда Кремний водийсида ҳам, бутун дунёда ҳам ёш тадбиркорлар учун энг оммабоп китоблардан бирига айланди.
Lean Startup моделини «Тежамкор стартап» деб таржима қилиш мумкин ва у стартапларни кам ресурслар асосида қуришга кўмак беради. Кўпчилик акселераторлар, жумладан, StartupFactory.uz ҳам ушбу модель бўйича ишлайди.
Эрик Рис муваффақиятлилари билан бир қаторда, омадсиз лойиҳаларни ҳам бошидан ўтказган, ва у ёш стартапларга ўзини тутиб олиш ва омадга эришишда ёрдам беришга қаратилган назарий тизим ишлаб чиқишга қарор қилди. Концепция Япониянинг фойдасиз жараёнлардан воз кечишга асосланган «тежамкор ишлаб чиқариш» моделига бориб тақалади.
Lean методологияси бизга бизнесни вакуумда яратиш керак эмаслиги — ҳар қандай ғоя реал истеъмолчиларда синаб кўрилиши ҳамда ўзининг зарурлиги ва қимматини тасдиқлаши кераклигини ўргатади. Ғоя фактлар билан тасдиқлангачгина, лойиҳага катта миқёсдаги инвестицияларни киритишни бошлаш керак.
Китобхонга текширилмаган гипотезаларга асосланган узоқ муддатли бизнес-режаларнинг барчасини улоқтириб юбориб, бизнес ва лойиҳаларни ривожлантиришга бошқача — гипотезани амалиётда текшириб кўриш орқали ёндашиш таклиф этилади. Тезкорлик билан маҳсулотнинг минимал версиясини чиқарамиз, фойдаланувчиларга узатамиз, натижаларни баҳолаймиз ва олинган маълумотлар асосида барчасини қайтадан бажарамиз — бу китобнинг қисқача мазмуни.
Маҳсулотнинг минимал ишчи версияси нима эканлиги ва Lean Startup ҳақида кейинги мақолаларда батафсил гапириб берамиз.
Лойиҳа «Дарё» ва StartupFactory.uz томонидан ишга туширилган.
Изоҳ (0)