«Касперский лабораторияси» экспертлари «ВKонтакте» ижтимоий тармоғидаги аккаунтлар Android операцион тизими учун мўлжалланган мобил дастур орқали оммавий равишда ўғирланганини аниқлади. Бу ҳақда TJ хабар бермоқда.
Экспертларнинг маълумотларига кўра, ахборот ўғирланиши ўзида зарарловчи код бўлган «Музика ВKонтакте» мобил дастури орқали амалга оширилган. Бироқ фойдаланувчилар юз берган ўғриликдан бехабар қолган, чунки дастур ўзининг асосий вазифаси — ижтимоий тармоқдан қўшиқ қўйишни одатий тартибда бажарган.
Маълумотларни ўғирлаш ҳолати фойдаланувчи ўз аккаунти маълумотларини мобил дастурга кириш вақтида киритганида юз берган. Экспертларнинг фикрича, мобил дастурнинг зарарли ҳаракатлари юз минглаб фойдаланувчиларни қамраб олган бўлиши мумкин.
Google мобил дастурнинг барча версияларини блок қилган, бироқ бу иш бироз суст олиб борилган. Дастурнинг 4 октябрь куни эълон қилинган сўнгги версияси 100 мингдан ортиқ марта юклаб олинган, 500 га яқин фойдаланувчи эса унга беш юлдуз баҳосини қўйган.
«Касперский лабораторияси»нинг билдиришномасидан сўнггина Google Play маъмурияти зарарли коди бор «Музика ВKонтакте» мобил дастурини интернет-дўкондан тўлиқ ўчириб ташлаган.
Изоҳ (0)