Навоий шаҳрида тарқалаётган тутун собиқ электрокимё заводи ўрнида фаолият олиб бораётган корхоналардан чиқарилаётгани аниқланди. Бу ҳақда “Навоийазот” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Кўплаб муҳокамалар ва норозиликларга сабаб бўлаётган ҳолатни ўрганиш мақсадида корхона мутахассислари Ўзбекистон экологик партияси вилоят Кенгаши мутасаддилари билан вазиятнинг асл сабабини ўрганишга киришганди. Маълум қилинишича, ушбу ҳолатнинг “Навоийазот”АЖ фаолияти билан боғлиқ эмаслигини исботлаш мақсадида корхонанинг аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехи ҳудудига зудлик билан қўшимча кузатув камераси ўрнатилди.
21 июль куни тонгги вақтда Навоий шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда яна чангсимон тутун кузатилган. Ёзиб олинган тасвирлардан чангсимон тутун собиқ Навоий электрокимё заводи ўрнида қурилган корхоналардан чиқаётгани кўринган.
“Шундан келиб чиқиб “Навоийазот”АЖнинг атмосферани ифлослантираётган чангсимон тутунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини яна бир бор маълум қиламиз”, дейилади корхона хабарида.
Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун 13 ва 19 июль кунлари ҳам кузатилганди. Навоий вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси буни “Навоийазот” корхонаси фаолияти билан боғлаганди. Текшириш ишлари якуни билан қўшимча ахборот берилиши маълум қилинганди.
Изоҳ (0)