Ўзбекистобликлар дунё бўйлаб круиз лайнерларида ишлаши мумкин. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.

Келтирилишича, агентлик раҳбарияти ва Македониянинг Kouzon Corporation компанияси ижрочи директори Зоран Кочоски ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда, круиз компаниялари ҳамкорликда меҳнат фаолиятини ташкиллаштириш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Эндиликда хорижда ишлаш истагида бўлган инглиз тилини биладиган ўзбекистонлик фуқароларга туристик кемаларида ташкиллаштирилган тарзда ишга жойлаштириш имконияти яратилади.
Айтилишича, Kouzon Corporation 28 йилдан буён дунё бўйлаб 18 та давлатда фаолият юритмоқда. Лайнерлар — Ўрта Ер денгизи, Тинч океани, Скандинавия, Болтиқ, Кариб денгизи каби йўналишларда ҳаракатланади.
Компания ушбу лайнерларга малакали кадрларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича катта тажрибага эга. Йилига дунё бўйлаб 20 000—25 000 гача мутахассисларни иш билан таъминлайди. Кемалардаги ойлик маошлар дастлабки 6 ойлик шартномада 1 200 АҚШ доллардан бошланади, сўнгра икки ой таътил берилади ва кейинги олти ойлик янги шартномада тажрибага қараб маош кўтарилиб боради ҳамда 4 000 АҚШ долларигача етади. Яшаш билан боғлиқ харажатлар компания ҳисобидан қопланади.

Томонлар келишувига кўра, ишлаш учун зарур бўлган C1/D транзит визасини олиш жараёнлари соддалаштирилади ва иш берувчи томонидан 45—90 кун оралиғида расмийлаштирилади. Учрашув якунига кўра, мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқилади.
Президентнинг “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 ноябрдан:
- хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотлар Миграция агентлигининг электрон платформаси, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб борилади;
- агентликнинг электрон платформасида фуқароларга ўзининг резюмесини шакллантириш ва жойлаштириш ҳамда эълон қилинган иш ўринлари бўйича танловларда эркин иштирок этиш имконияти яратилади;
- вақтинча меҳнат фаолиятига чиқиб кетаётган фуқароларга Миграция жамғармаси ҳисобидан 10 миллион сўмгача икки йил муддатга микрокредитлар ажратилади;
- фуқароларнинг хорижда ишга жойлашиши ва “ишчи виза”га оид ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича бепул консалтинг хизматлари кўрсатилади.
2024 йил 1 декабрдан агентлик томонидан таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштириш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори БҲМнинг 8 500 бараваридан 4 000 бараваригача туширилади.
Изоҳ (0)