Франциянинг “Пари Сен-Жермен” клуби бош мураббийи Луис Энрике парижликлар раҳбариятидан “Реал Мадрид” ярим ҳимоячиси Эдуардо Камавинга трансферини сўради. Бу ҳақда Испаниянинг Marca нашри хабар берди.

Манбага кўра, испаниялик мутахассис Камавингани “ПСЖ” ярим ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш учун асосий номзод сифатида кўрмоқда. Энрикенинг фикрича, француз футболчиси парижликларнинг барқарор ўйин намойиш этишга ёрдам беради.
Шу билан бирга, “Реал” клуби раҳбарияти Камавинганинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолатлардан хавотирда. Ўтган мавсумда футболчи тўртта турли хилдаги жароҳат олди ва жами 159 кунни тикланишга сарфлади. Шу боис, агар “ПСЖ” “рад этиб бўлмас” таклиф жўнаца, “қироллик клуби” Камавинганинг келажагини муҳокама қилиб кўради.
Маълумот учун, Камавинга 2021 йилдан бери “Реал Мадрид” шарафини ҳимоя қилиб келади. Унинг “қаймоқранглилар” билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг июнига қадар мўлжалланган. Ўтган мавсумда 21 ёшли футболчи барча мусобақалар доирасида 35 та ўйинда қатнашиб, ўз ҳисобига 2 та гол ва 2 та голли узатма ёздириб қўйган.
Изоҳ (0)