Россия президенти Владимир Путин ўзининг туғилган кунида Тунги хоккей лигаси (ТХЛ) гала-матчида еттита шайбани дарвозага киритди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Халқаро хоккей федерацияси президенти Рене Фазель бош ҳакамлик қилган ўйин Сочидаги «Шайба» муз аренасида бўлиб ўтди.
«ТХЛ юлдузлари» жамоаси таркибида Путин машҳур хоккейчилар билан бирга «ТХЛ терма жамоаси» устидан 15:10 ҳисобида ғалаба қозонди.
Путин бу сафар ўзининг 2014 йилда ўрнатилган рекордини янгилади. Ўшанда ТХЛ гала-матчида у бешта шайбани дарвозага киритиб, жами 10 очко жамлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, ТХЛ Путин ташаббуси билан ўз фаолиятини бошлаган. Лига асосий ишидан бўш пайтларида, кўпинча кечки пайт (номланиши ҳам шундан келиб чиққан) ўйин учун вақт ажратадиган хоккей ишқибозларини бирлаштирган. Лиганинг биринчи гала-ўйини 2012 йил 7 май куни, Путиннинг Кремлдаги президентлик инаугурациясидан сўнг бўлиб ўтганди.
Кеча, 7 октябрь куни Россия президенти 63 ёшни қарши олди. Реп ижрочи Тимати (Тимур Юнусов) унинг таваллуд кунига бағишлаб клип чиқарди.
Изоҳ (0)