Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев «Раҳм-шафқат» фондига хайрия қилган пул маблағлари тезкор жарроҳлик амалиёти ўтказилишига муҳтож 29 нафар боланинг саломатлигини тиклашга йўналтирилди. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар бермоқда.
«Раҳм-шафқат» фонди директори Аружан Саиннинг сўзларига кўра, унинг президент билан бўлган ҳар бир учрашуви болалар ҳаётини сақлаб қолиш билан чамбарчас боғлиқдир.
«2010 йилги учрашувимиз вақтида биз юрак пороги билан туғилган болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масаласини муҳокама қилганмиз. Шундан кейин Қозоғистонда шундай ташхис қўйилган янги туғилган чақалоқларга қайта ҳаёт берувчи шифохона қурилди», — дейди Аружан Саин.
Фонд директорининг таъкидлашича, мамлакатда меҳрибон кишилар кўп ва уларнинг кўмагида ҳозирги кунда 1300 нафар бемор боланинг саломатлигини асраш ва ҳаётини сақлашга эришилди. Бундан ташқари, фонднинг мамлакатда меҳрибонлик уйларини камайтиришга қаратилган «Етимларсиз Қозоғистон» лойиҳаси орқали 500 нафарга яқин бола ўз оиласини топди.
Изоҳ (0)