АҚШнинг Калифорния штатидаги Туоломни шаҳри полицияси тўрт ўсмирни ўзи ўқийдиган мактабига қуролли ҳужум уюштиришни режалаштирганликда гумон қилиб, ҳибсга олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Маҳаллий полиция вакили сўзларига кўра, сентябрь охирида шаҳар мактабларидан бирининг ходимлари бир неча ўсмир мактаб ўқитувчилари ва бошқа ўқувчиларга ҳужум қилиш ҳақида ўйлаётганини маълум қилган.
Полиция мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиб, тўрт ўқувчи айнан шу мақсадда тил бириктирганини аниқлади. Улар ҳужум қурбони бўладиган ўқитувчи ва ўқувчиларнинг рўйхатини тузиб, ниятни амалга оширишда ўқотар қуролдан фойдаланмоқчи бўлган.
Ҳибсга олинган ўсмирларнинг шахси ҳозирча маълум қилинмаяпти. Маҳаллий полиция вакилларининг маълум қилишича, ўқувчилар аниқ бир ҳаракатни амалга оширишга улгурмаган, ўсмирларни ҳибсга олиш вақтида ҳеч ким жабрланмаган.
Изоҳ (0)