Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройида 2 октябрь, жума куни бодибилдинг ва фитнес бўйича 49-Осиё чемпионати старт олди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Мусобақаларнинг биринчи кунида жами 12 йўналишнинг учтасида қатнашган ўзбекистонлик спортчилар битта олтин ва битта бронза медалини қўлга киритди. Хусусан, ўсмирлар ўртасида 80 килограммгача бўлган вазн тоифасида ўсмирлар орасида мутлақ жаҳон чемпиони, Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони Михаил Волинкин «олтин»ни қўлга киритди.
Модель-физик йўналишида бўйи 170 сантиметргача бўлган қатнашчилар орасида эса ўзбекистонлик Зиёдулла Аҳмадалиев «бронза» медаль соҳибига айланди. Эркак бодибилдерлар йўналишида 60 килограмм вазн тоифасида мусобақаларда қатнашган ўзбекистонлик Диёрбек Маткаримов эса медалларни қўлга кирита олмади.
«Газета.uz»нинг қайд этишича, фахрий бодибилдерларнинг чиқиши ўзбекистонлик томошабинлар учун кутилмаган ҳол бўлди. Мазкур йўналишда хитойлик Жен Жин Сун биринчи, афғонистонлик Муҳаммад Насим Қодирий иккинчи, ҳиндистонлик Сахена Ражендра Кумар эса учинчи ўринни эгаллади.
Изоҳ (0)