Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт саройида дзюдо бўйича ўтказилаётган Гран-При мусобақасида вазни 73 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти.
Ушбу вазн тоифасида олтин медални ўзбекистонлик Мирали Шарипов қўлга киритди. Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи аъзоларидан бири ҳисобланган спортчи саралаш беллашувларида Беларусь, Жанубий Корея ва Германия вакилларини, ярим финалда КХДРлик спортчини мағлуб этиб, финалда эса португалиялик Нуно Сараивани енгди.
Мазкур вазн тоифасида беллашувларга киришган яна бир ўзбекистонлик Ғиёсжон Бобоев эса саралаш босқичида Сербия, Хитой ва БАА вакилларидан устун келди ва ярим финалда португалиялик Нуно Сараивага имкониятни бой берди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда германиялик Игорь Ванткени енгган Ғиёсжон Бобоев бронза медали соҳиби бўлди.
Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси битта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медали билан умумжамоа ҳисобида Япониядан сўнг иккинчи ўринда бормоқда.
Изоҳ (0)