Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Москва марказида ўлдириб кетилган сиёсий арбоб Борис Немцовнинг қизини меҳмонга таклиф қилиб, унга ҳамдардлик билдиришга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
«У мени айблагунча, қотилликни уюштирганларни ўз атрофидан қидирсин. Агар мен билан учрашишни хоҳласа, майли, мен уни меҳмонга чақираман, бирга чой ичамиз, мен унга отасини ўлдириб кетишгани учун ҳамдардлик билдираман. Менинг отамни ҳам ўлдиришган — ҳаёт шунақа экан, нима ҳам қила оламиз», — деди у.
Чеченистон раҳбари, агар Россия Тергов қўмитаси талаб қилса, сўроққа ҳам тайёр эканлигини маълум қилди, айни вақтда Чеченистоннинг «Север» баталони қўмондони ўринбосари Заур Дадаевнинг мазкур қотилликка алоқадор эканлигини ишонмаслигини алоҳида таъкидлади.
Россия мухолифати вакили Борис Немцов 28 февраль куни Москва марказида отиб, ўлдириб кетилган эди. 2015 йил августида Немцовнинг қизи — Жанна Немцова Рамзан Қодировни тергов қилишдан бош тортган терговчилар устидан шикоят қилгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)