Пул ювишда гумон қилиниб ҳибсга олинган Нигерия нефть саноати вазирлиги собиқ раҳбари Дизани Алисон-Мадуэке гаров пули эвазига қўйиб юборилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Айни вақтда, Алисон-Мадуэке 5 октябрь, душанба куни полицияга келиши керак, чунки унинг паспорти мусодара қилинган.
Собиқ вазирнинг ҳибсга олингани ҳақида 2 октябрь оқшомида Reuters хабар берганди. Лондон полициясининг маълум қилишича, Алисон-Мадуэкенинг ҳибсга олиниши ҳақидаги ҳисоботга эга эмас. Буюк Британия миллий криминал агентлиги эса Reuters’нинг сўровига жавоб бермади.
Нигериянинг Premium Times газетаси хабарига кўра, собиқ вазир билан бирга яна тўрт киши ҳибсга олинган бўлиб, улар порахўрлик ва пул ювишда гумон қилинмоқда.
Алисон-Мадуэке 2014 йил 27 ноябрида ОПЕК — Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти президент этиб сайланган эди, у бу ўринни эгаллаган илк аёл бўлганди. Бироқ 2015 йил май ойида у Нигериядаги вазирлик лавозимидан четлатилганидан сўнг, ОПЕК раҳбари ваколатини ҳам амалда йўқотганди.
Изоҳ (0)