Хорижий мамлакатлардаги музлатилган ҳисоб-рақамлари фаоллаштирилганидан сўнг, Эрон 2016 йил бошида 29 миллиард долларни қўлга киритади. Бу ҳақда Эрон Марказий банки бошқаруви раиси ўринбосари Ғулом Али Камёб маълум қилди, дея хабар бермоқда «РБК».
Bloomberg агентлигининг қайд этишича, турли мамлакатларда жойлашган мазкур маблағнинг 23 миллиард доллари Эрон Марказий банкига тегишли, қолган 6 миллиарди эса — давлат мулки. Камёбнинг сўзларига кўра, маблағнинг якуний миқдори бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, бироқ ўртача рақамлар шундай.
2015 йилнинг июль ойида Теҳрон ва халқаро воситачиларнинг олтилиги Эрон ядровий дастури бўйича келишувга эришгани муносабати билан, Эроннинг хорижий мамлакатлардаги активлари фаоллаштирилади. Bloomberg’нинг қайд этишича, Эроннинг хориждаги активларини фаоллаштириш масаласи келишув танқидчиларининг асосий нуқтаси бўлиб турибди.
Хусусан, АҚШ конгрессининг баъзи аъзолари Эрон бу пулларни АҚШнинг минтақадаги ҳамкорларига нисбатан ғаразли кайфиятда бўлган ўз иттифоқчиларини мустаҳкамлаш учун сарфлайди, деган хавотирда. Эроннинг ўзи эса мазкур маблағлар турли соҳаларга, хусусан, нефть-кимё ва газ саноатига, тоғ-кон саноатига, йўллар ва қурилишга сарфланишини маълум қилмоқда.
Изоҳ (0)