Макка яқинидаги Мино водийсида зиёратчиларнинг тўпланиб қолиши оқибатида юзага келган тиқилинч туфайли ҳалок бўлганлар сони 717 кишига етди, жабрланувчилар сони 805 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда, Саудия Арабистони фуқаро муҳофазаси бошқармасига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ бахтсиз ҳодиса натижасида 453 кишининг ҳалок бўлгани, 719 киши эса турли даражада тан жароҳати олгани хабар қилинган эди.
Тиқилинч ҳаж маросимларидан бири — шайтонга тош отиш вақтида рўй берган. Маросим вақтида 100 минглаб одамлар бир жойга тўпланиб қолган ва тартибсиз ҳаракат қилган.
Ҳозирча вафот этган зиёратчиларнинг фуқаролигига ойдинлик киритилмади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳодиса қурбонлари ва жабрланувчилари орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)