Сергей Лушчан истеъфо бергач бундан кейин «Бунёдкор» ФК бош мураббийи сифатида асосий жамоага ким жавоб беради деган савол кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Бунёдкор» ФК матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Бунёдкор» ФК раҳбарияти асосий жамоанинг Ўзбекистон чемпионати ва кубогидаги иштироклари учун жавобгарлик масъулиятини клуб бош директори Бахтиёр Бобоев зиммасига юклатишни маъқул топди.
Бахтиёр Бобоев футбол жамоатчилигига бир қанча жамоалардаги иштироки, шунингдек, «Косонсойчи» ва «Навбаҳор» жамоаларидаги мураббийлиги билан яхши таниш. 1996 йили Бахтиёр Бобоев бошчилигида «Навбаҳор» мамлакат чемпионлигини қўлга киритган эди.
У Муборакнинг «Машъал» футбол мактабини ташкил этиш ва шакллантиришга катта ҳисса қўшган.
2007 йилдан буён «Бунёдкор» ФКда фаолият юритиб келмоқда. Аввалига клубнинг спорт директори бўлиб ишлаган Бобоев кейинчалик бош директор лавозимига тайинланди. Бахтиёр Бобоев клуб тизимидаги барча ишларга доимо бошчилик қилган. Шунингдек, мураббийлар штаби ва асосий таркибдаги футболчиларнинг имкониятларини яхши биладиган мутахассис ҳисобланади.
Изоҳ (0)