«Озод Шимолий Корея учун курашувчилар» нодавлат ташкилоти аъзолари 20 сентябрь, якшанба куни КХДР билан чегара яқинидаги Пхаджу шаҳрида ҳукуматга қарши 200 мингта варақа жойлаштирилган 10 та ҳаво шарини учирган. Бу ҳақда мазкур ташкилот раҳбари Пак Сан Хак маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Ҳукумат томонидан бундай тадбирни ўтказмаслик тўғрисида кўрсатма берилмади, уни амалга ошириш ниятимиз борлигини маълум ҳам қилмаганмиз, — деди Пак Сан Хак. — Шимолий Корея томонга шарлар учирилиши давом эттирилади».
КХДР расмийлари бундай акцияларни жанговор ҳаракатлар олиб боришга тенглаштиради ва варақалар тарқатилаётган ҳудудларга зарба бериш билан дағдаға қилади. 2014 йилда КХДР чегарадан учиб ўтаётган шундай шарларни зенит пулемётлари ёрдамида уриб туширишга ҳаракат қилган, ўшанда бир неча йирик калибрли ўқлар Жанубий Кореядаги аҳоли пункти яқинига келиб тушганди.
Жанубий Корея ҳукумати бу каби акцияларни тақиқлаш учун қонуний асосларга эга эмаслигини кўп бор таъкидлаган.
Изоҳ (0)