Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат ҳудудларида электр энергия ҳисоби ва назоратини автоматик юритиш (ЭҲНАЮ) тизимини жорий этиш учун 300 миллион доллар миқдорида кредит ажратиш ҳақидаги қарорни маъқуллади. «12news.uz» хабарига кўра, кредит келишуви 2015 йил охирига қадар имзоланиши кутилмоқда.
Умумий қиймати 490 миллион долларга тенг бўлган ЭҲНАЮ лойиҳасига мувофиқ, Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги электр энергия истеъмолчилари учун 3,1 миллион дона ҳисоблагич қурилмаларини сотиб олиш ва ўрнатиш кўзда тутилган.
Лойиҳа тўрт йилга мўлжалланган бўлиб, ОТБ кредитидан ташқари, Ўзбекистон томони маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
ОТБ 2011 йили Ўзбекистоннинг учта вилояти — Бухоро, Жиззах ва Самарқанд учун 1 миллион дона замонавий электр ҳисоблагичларни сотиб олиш ва ўрнатиш учун Ўзбекистон томонига 150 миллион доллар ажратган эди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 207,4 миллион долларга тенг бўлиб, 2018 йилда амалга ошириб бўлинади. ЭҲНАЮ қурилма ва ускуналари Korea Telecom томонидан етказиб берилмоқда.
Изоҳ (0)