Қозоғистонлик космонавт Айдин Аимбетов Халқаро фазовий станция (ХФС) бортидан «Казкосмос» раҳбари Талгат Мусабаевга қўнғироқ қилди. Бу ҳақда Талгат Мусабаевнинг ўзи маълум қилди, дея хабар бермоқда «Gazeta.kz».
«Бу вақтда мен ўз иш хонамда эдим. Бир неча соат аввал ХФСга бирикувни жонли эфирда томоша қилгандим ва экипажнинг станцияга ўтгани ҳақидаги ахборотни кутаётгандим. Шу вақт қўнғироқ бўлиб қолди, гўшакда Айдиннинг овози. Хурсанд бўлдим, бу ҳақиқий кутилмаган совға бўлди. Бироқ ҳайрон қолганим йўқ, бу каби қўнғироқларни аввал ҳам қабул қилганман. Эсимда, биринчи марта Юрий Лончаков ХФСдан қўнғироқ қилганида, ҳақиқатан ҳам ҳайратда қолгандим», — деди Мусабаев.
«Казкосмос»нинг биринчи космонавти мақомини қўлга киритган Айдин Аимбетов Қозоғистон космик тадқиқотлар идораси бошлиғига «фазовий уй»га муваффақиятли етиб келгани ҳақида ҳисобот берган. «Ўзимни яхши ҳис қиляпман, мослашиш ҳам жойида, фазовий дастурни амалга оширишга киришяпман», — деди Айдин.
Изоҳ (0)