Миср суди Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканалида ишлайдиган уч журналистни уч йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Жиноят иши бўйича Канада фуқароси Муҳаммад Фахмий, австралиялик журналист Питер Грист ва мисрлик продюсер Боҳир Муҳаммад айбланди. Уларга нисбатан эълон қилинган айбловлар «Ал-Жазира» журналистларининг 2013 йилги, президент Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан четлатилган даврдаги фаолияти билан боғлиқ.
Судьянинг қайд этишича, мазкур журналистлар Мисрдаги ОАВ ходимлари бирлашмасида рўйхатдан ўтмаган, махсус хизматларнинг рухсатномасини олмасдан мамлакат ҳудудига асбоб-ускуналарни олиб кирган, меҳмонхонада ноқонуний равишда трансляция нуқтасини ўрнатган. Судьянинг алоҳида таъкидлашича, судланувчилар Мисрдан «ёлғон хабарлар»ни узатган.
Айни вақтда Австралияда бўлиб турган Питер Грист мазкур ҳукм апелляция инстанцияси томонидан бекор қилинишига умид билдирди.
Изоҳ (0)