Шимолий Кавказ округ ҳарбий суди Махачқаланинг собиқ мэри Саид Амировни террорчиликда айбдор деб топиб, умрбод озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «TASS» хабар бермоқда.
«Амировнинг айби исботланди. Жиноятларни умумлаштириб, суд Амировга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллаш ҳақида қарор қабул қилди», — деди судья.
Судьянинг қўшимча қилишича, Амиров жазони алоҳида тартибли колонияда ўтайди. Жараённинг қолган иштирокчилари 9 йилдан 22 йилгача озодликдан маҳрум этилди.
Махачқала собиқ мэрининг ҳимояси ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида. «Албатта, шикоят берамиз. Бу ҳукм — адолат ва қонунийликдан анча узоқдаги нарса», — деди адвокат Владимир Постанюк.
Унинг фикрича, «судда ҳақиқатни ўрнатиш истаги бўлмаган». Постанюкнинг қайд этишича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорига мувофиқ, гумонланувчига дастлаб тиббий ёрдам кўрсатилиб, сўнг эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олиниши керак эди.
«Ҳимоя томонининг қўлида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг кучга кирган қарори бор, унга кўра, Амиров операция қилиниши керак эди, бироқ бу иш ҳали ҳам амалга ошгани йўқ», — дея қўшимча қилди адвокат.
Изоҳ (0)