Тошкент дунёнинг энг яхши шаҳарлари рейтингига кирди
Economist Intelligence Unit тадқиқот компанияси 140 та шаҳар аҳолиси ҳаётини бешта мезон бўйича баҳолади, дея хабар бермоқда «Norma.uz». Булар барқарорлик даражаси, соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит ҳолати, шунингдек инфратузилма ривожланиши бўлди.
Ҳаёт даражаси бўйича энг яхши шаҳар Мельбурн (Австралия) деб тан олинди, у энг юқори — 100 баллдан 97,5 балл тўплади. Кейинги ўринларни Вена (Австрия, 97,4 балл) ва Ванкувер (Канада, 97,3 балл) эгаллади.
Тошкент қарийб 57 балл билан ушбу рўйхатда 116-поғонани банд этди ва қуйидаги кўрсаткичларга эга бўлди: барқарорлик — 50 балл, соғлиқни сақлаш — 58,3 балл, маданият ва атроф-муҳит — 53 балл, таълим — 75 балл, инфратузилма — 48,2 балл.
Ҳаёт даражаси бўйича 140 та энг яхши шаҳарлар рейтингига МДҲ давлатларидан, шунингдек, Санкт-Петербург (77-ўрин), Москва (81-ўрин) ва Олма-Ота (100-ўрин) кирди.