«Навбаҳор» Олий лиганинг навбатдаги турини 15 август куни Фарғонанинг «Нефтчи» клубига қарши ўтказади. 10 август куни наманганликлар учрашувга тайёргарликни бошлаб юборди. Бу ҳақда «Навбаҳор» расмий сайтига таяниб, «Uff.uz» хабар бермоқда.
Бу сафарги «водий дерби»сини чин маънода кескин ва муросасиз руҳда ўтиши кутилмоқда. Айнан шу сабабли «Спорт» телеканали ҳам ўйинни тўғридан-тўғри олиб кўрсатишни режалаштирган. ПФЛ 18-турда ишлайдиган ҳакамлар рўйхатини эълон қилди.
Унга кўра, «Навбаҳор» ўйингоҳидаги учрашувни Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Тошкентлик ФИФА реферисига қанотларда пойтахтлик Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидовлар ёрдам беради.
Захирадаги ҳакам сифатида Аскер Нажафалиев қайд этилган. Ўйинни назорат қилиш Александр Попов зиммасига юклатилган. ПФЛ раҳбари Фарҳод Магаметов Наманганга ПФЛ вакили сифатида ташриф буюради.
«Навбаҳор»нинг «Нефтчи»га қарши ўйини 15 август куни соат 18.00 да бошланади.
Изоҳ (0)