Жорий йилнинг 31 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани, «Билдирсой» дам олиш маскани дор йўли (канатка) кутилмаганда тўхтаб қолиши оқибатида 50 га яқин болалар, аёллар ва катта ёшли дам олувчилар дор йўлида бир муддат қолиб кетди, деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Айни тасодифга кўра, жорий йилнинг 27—31 июль кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан «Қутқарувчилар республика кўпкураш мусобақалари» ўтказилаётгани сабабли, мусобақада иштирок этаётган барча қутқарув отрядлари юз берган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга жалб қилинди.
Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Арипов Мерсаидович бошчилигида воқеа жойига вақтида етиб борган қутқарувчилар тез фурсатда дор йўлида қолиб кетган дам олувчиларни эвакуация қилди.
Хабарда таъкидланишича, юз берган фавқулодда вазият оқибатида жароҳат олганлар, шикастланганлар бўлмади.
Вазирликнинг Шахсий таркиб билан ишлаш ва психологик ёрдам кўрсатиш бўлими хизматчиси А.Низамов томонидан жабрланганларга зарур психологик ёрдам кўрсатилди.
Изоҳ (0)