Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 29 июль куни Ўзбекистонда дипломатик миссиясини якунлаётган Кувайт элчиси Халаф Мижбал Бу Дҳаирни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида, жумладан БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамда бошқа шакллардаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Ўзбекистондаги дипломатик миссияси мобайнида Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги анъанавий алоқаларни ривожлантиришга элчининг қўшган ҳиссаси юқори баҳоланди ҳамда унинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўз навбатида элчи Ўзбекистонда элчихонанинг муваффақиятли фаолияти учун яратилган қулай шарт-шароит учун ўз миннатдорчилигини изҳор этди.
Изоҳ (0)