Фарғона вилояти Бувайда туманидаги умумтаълим мактабларининг бирида ўринбосар бўлиб ишлаган шахс директор вазифасини вақтинча бажариб турган эди. У бир қанча вақтдан сўнг ўзини мактаб раҳбари қилиб тайинлаш учун туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига мурожаат қилди, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.
Ушбу бўлимнинг мудири вазифасини вақтинча бажариб турган масъул ходим лавозимга тайинлаш учун 300 АҚШ доллари сўрайди. Ўринбосар 500 минг сўм келтириб беради ва қолганини директорликка тайинланганидан кейин беришини тушунтиради. Мудир унга ишонмайди ва ўз лавозимида қолишини айтиб, берган пулини қайтариб беришини айтади.
Шундан кейин ўринбосар тегишли идораларга мурожаат қилди. Мудир пулни қайтариб бераётганида СВОЖЖДЛҚК департаментининг туман бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди. У айбига тўлиқ иқрор бўлди, деб ёзади «Ҳуқуқ».
Аслида вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарияти мактаб директорини лавозимдан бўшатиш, ушбу лавозимга ишга тайинлаш ваколатига эга. Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг мудири эса ходимни ушбу лавозимга тавсия этиши мумкин, холос.
Нашр берган маълумотга кўра, суд пора талаб қилган тамагирга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаб, ҳукм чиқарди.
Изоҳ (0)