Деҳқону фермерлар, тадбиркорларнинг омилкорлиги туфайли халқ истеъмоли ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми тобора кенгайиб бораётир, деб хабар қилади ЎзА.
2010 йилдан кучга кирган тартибга кўра, ўз томорқасида етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотаётганлар солиқлардан озод қилинган. Бозорларда сотувчилар тош-тарози билан таъминланган. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган омборхоналар ишлаб турибди.
Маҳсулотнинг кўплиги бозор иқтисодиётининг муҳим шарти – рақобатни ривожлантиради. Рақобат бор жойда нарх-наво пасайиб, маҳсулот ва хизматлар сифати янада ошади. Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб деҳқон бозорларини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш, харидорларга қулайлик яратиш, фермерлар манфаатдорлигини ошириш мақсадида Тошкент бозорларида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги фермер хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг доимий ярмаркаси йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Републикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, фермерлар етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини даладан тўғридан-тўғри бозорларга узлуксиз етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Бу борада ички ишлар, божхона, давлат солиқ хизмати ва бошқа идоралар ҳамкорлик қилаётир. Тегишли рухсатномалар билан таъминланган мулкдорлар ҳеч бир тўсиқ ёки муаммога учрамасдан маҳсулотларини пойтахт бозорларига етказиб келмоқда. Бунда вилоятлардан 159 фермер хўжалиги фаол иштирок этмоқда.
Деҳқонларга пойтахт бозорларида тўрт минг тўрт юз қирқдан зиёд раста ажратилган. Мисол учун, Самарқанд вилоятидан келган ўттизга яқин фермер Юнусобод ва Олой деҳқон бозорларида, андижонлик ўттиз бешта фермер Аския ва Эски жўва деҳқон бозорларида ўз маҳсулотини харидорларга тақдим этмоқда. Шу кунгача аҳолига 420 тоннадан ортиқ картошка, 250 тонна пиёз, 140 тоннага яқин сабзи, 610 минг дона тухум, мева, полиз ва гўшт маҳсулотлари етказиб берилди.
Изоҳ (0)