Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳига Тошкентда инкассатор машиналари йўл қоидасини бузаётгани акс этган суратлар жойлаштирилди.
Суратлардан бирида давлат рақами 01 149 QDA бўлган инкассатор машинаси тўхташ чизиғидан, шунингдек пиёдалар ўтиш жойидан ўтиб кетгани кўриниб туради. Бошқа бир суратда эса давлат рақами 01 190 QDA бўлган инкассатор автомобили йўлнинг қарама-қарши йўналиш учун мўлжалланган қисмида ҳаракатлангани акс этган. Расм муаллифининг сўзларига кўра, машина устидаги маёқ-чироқча ҳам, махсус товушли ишораси ҳам ёқилмаган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қарорининг 7.1 бандига мувофиқ, кўк рангли ялт–ялт этувчи чироқ–маёқчаси ва (ёки) махсус товушли ишораси ёқилган тезкор ва махсус хизмат транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан қоидаларнинг баъзи бандларидан четга чиқишлари мумкин. Кўк рангли чироқ маёқчага қўшимча қизил рангли чироқ–маёқча ҳам ёқилиши мумкин. Бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлишлари учун бундай транспорт воситаларида ялт–ялт этувчи чироқ маёқча ва (ёки) махсус товушли ишораси ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин.
Маълумот учун, светофорнинг қизил чироғига тўхтамаслик учун энг кам иш ҳақининг икки баравари (236 800 сўм), қарама-қарши йўналишда ҳаракатланганлик учун энг кам иш ҳақининг 10 баравари − 1 184 000 сўм миқдорида жарима белгиланади.
Изоҳ (0)