Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳи аъзоларидан бири Ғафур Ғулом боғи ва «Бунёдкор» стадиони олдидаги чорраҳада кузатув камералари онлайн режимида ишлаётганини маълум қилди.
Фойдаланувчи ҳозирча камералар синов режимида ишга тушганини қўшимча қилган. Хабар остида изоҳ қолдирган гуруҳнинг яна бир аъзоси синов режимида бошқа чорраҳаларда ҳам камералар ишга тушгани ва уларнинг сони 30 тадан ортиб кетгани ҳақида ёзган. Фойдаланувчилар камераларнинг тўлиқ ишга тушишига оз қолганини тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Х. А. Сайдалиев Тошкент шаҳридаги 120 та чорраҳага видео кузатув мосламалари ўрнатилиши, кейинчалик уларнинг сони ортишини «Дарё»га маълум қилганди. Янги тизим қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етиши билан ишга туширилади. Бу ҳақда у ишга тушишидан аввал ҳаракат иштирокчиларига ОАВ орқали батафсил маълумот берилади.