Forbes журналининг рус таҳририяти журналисти Украинанинг Буча шаҳрида руслар томонидан содир этилган қирғин ҳақида маълумот тарқатгани учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда The Moscow Times нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, журналистнинг ижтимоий тармоқлардаги репостлари ҳибсга олиш учун асос сифатида келтирилган. Бу ҳақда унинг адвокати 26 апрель куни хабар берган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг билдиришича, юзлаб россияликлар қаттиқ ҳарбий цензура қонунлари остида Россиянинг Украинага ҳужумини танқид қилгани учун ҳибсга олинган. Уларнинг бир қанчаси жаримага тортилган, бошқалари озодликдан маҳрум қилинган.
Москва Украинадаги қирғин ҳақидаги айбловларни рад этган. Ўлдирилган тинч аҳоли ва қийноқлар далилларини “Ғарбнинг спектакли” деб атаган.
“Сергей Мингазов қўлга олинди ва Узоқ Шарқдаги Хабаровск шаҳрида вақтинчалик ҳибсхонада сақланмоқда”, — деган ҳибсдаги журналистнинг адвокати Константин Бубон.
Хабарда айтилишича, у ёлғон маълумот тарқатишда айбланиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Унинг 430 га яқин обуначиси бор бўлган Telegram каналида 2022 йил апрель ойидан бошлаб рус қўшинлари Бучада тинч аҳолини ўлдиргани ҳақидаги бир қанча репостлар мавжуд. Текширув идоралари бу каналда жойланган ҳар бир хабарни тергов элементи сифатида қайд этган.
Сўнгги икки йил ичида кўплаб хорижий ва россиялик мухбирлар қамоққа тушишдан қўрқиб, мамлакатни тарк этишган. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти 2023 йилда Россия 34 журналистни ҳибсга олганини маълум қилган. Улар орасида Wall Street Journal мухбири, АҚШ фуқароси Эван Гершкович ва АҚШ-Россия фуқароси Алсу Курмашева ҳам бор эди. Улар ҳозирда Россия тергов ҳибсхоналарида эканлиги айтилган.
Изоҳ (0)