Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 30 июнь куни Қашқадарё вилоятига келди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Ҳалқа йўлининг Қашқадарё дарёсини кесиб ўтадиган қисмида узунлиги 108, эни 27 метрлик янги кўприк барпо этилди. Амир Темур кўприги реконструкция қилинди. Президент вилоятга сафарини ушбу кўприклар билан танишишдан бошлади.
Давлат раҳбари кўприклар атрофини ободонлаштириш, йўл ва дарё бўйларига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар ўтқазиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур бўладиган барча шароит ва қулайликларни яратиш кераклигини таъкидлади. Дарёнинг икки қирғоғини мустаҳкамлаш, соҳилбўйини ободонлаштириш, қайиқ станцияси ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди.
Сўнг Президент Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида бунёд этилган кўпқаватли уйларни бориб кўрди. Давлат раҳбари қурилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш, йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ва фаввораларни замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Изоҳ (0)