Енгил моторли самолёт Колумбия чангалзорларига қулаганидан беш кун ўтиб ёш она ва унинг чақалоғи тирик ҳолда топилди. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.
Қутқарувчилар юз берган ҳодисани мўъжиза деб аташди. Қайд этишларича, 18 ёшли Мария Нелли Мурило енгил жароҳат олиб, бироз куйган. Унинг ўғли Юдиэр Морено ҳам енгил куйиш жароҳатини олган.
Қидирув гуруҳи ҳалокатга учраган самолётнинг эшикларидан бири очиқлигини кўриб, йўловчилар омон қолган деган хулосага келганди. Қутқарув операциясида 14 киши иштирок этди.
Ҳозирги вақтда ёш она фарзанди билан бирга мамлакат ғарбидаги Кибдо шаҳрида жойлашган шифохонада тикланмоқда.
Кибдодан Нукига учиб кетаётган икки моторли Cessna самолёти 20-июнь, шанба куни ҳалокатга учраган эди. Орадан уч кун ўтиб ҳалок бўлган учувчининг жасади топилди. Авария сабаблари ўрганилмоқда.
Изоҳ (0)