Billboard журнали ярим йилликнинг энг яхши қўшиқлари ўнталигини эълон қилиб, 2015 йилнинг оралиқ якунларини сарҳисоб этди. Қўшиқлар жанрлар бўйича сараланмаган, шу сабабли рейтингда поп, электро, кантри ва рок услубидаги композициялар бор. Рўйхат нашр сайтида эълон қилинган.
Рейтинг муаллифларининг фикрича, рўйхатдан ўрин олган қўшиқлар кейинги бир неча йил давомида ўз машҳурлигини сақлаб қолиш имконига эга. Ўнликдан АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Австралия ижрочилари ўрин олган.
Экспертлар Рианна, Канье Уэст ва сэр Пол Маккартнининг FourFiveSeconds номи остидаги ҳамкорликдаги ишини алоҳида қайд этган. Бундан ташқари, рейтингдан Британиянинг Florence + The Machine инди-гуруҳи янги албомидаги Ship To Wreck композицияси ҳам ўрин олган. Журналнинг қайд этишича, гуруҳ солисти Флоренс Уэлч поп-хонанда сифатида ўсмоқда, трекда эса ҳамма нарса – вокал техника ҳам, нақоратлар ҳам эътиборга лойиқ.
Рўйхатдан америкалик ёш кантри-хонанда Кэйси Масгрейвс ҳам ўрин олган – унинг дебют албоми «Гремми» мукофотига лойиқ кўрилганди. Хонанда томонидан бу йил тақдим этилган Biscuits сингли анча оммалашди. Бундан ташқари, рейтингга рэпер Fetty Wap, Skrillex & Diplo DJ-дуэти, Years & Years электро-триоси, Tame Impala рок-гуруҳи, The Weeknd R&B-хонандаси ва Jamie xx гуруҳлари киритилган.
Billboard’нинг чарт ва рейтинглари – мусиқа оламидаги энг нуфузли рейтинглар саналади.
Изоҳ (0)