Таниқли бастакор Жеймс Хорнер авиаҳалокатга учради. Мусиқачининг ўлимини унинг ёрдамчиси тасдиқлади, деб хабар беради «Nur.kz».
«Даҳшатли фожиа оиламиз бошига тушди. Ўзимга келиб олишим учун менга маълум бир вақт керак. Биз юраги кенг ва ўта истеъдодли ажойиб инсонни йўқотдик. У ўзи севган машғулот билан шуғулланаётганида, оламдан ўтди. Қўллаб-қувватлашларинг ва меҳринг учун раҳмат, бошқа ҳаётда кўришамиз. Сильвия», — деб ёзди бастакорнинг ёрдамчиси Facebook’даги саҳифасида.
The Sydney Morning Herald нашри хабарига кўра, бастакорга тегишли, ҳалокатга учраган бир моторли S312 Tucano самолёти бортида фақат бир киши бўлган.
Жеймс Хорнерга тегишли самолёт Калифорния штатида қулагани ҳақида турли ОАВда хабарлар чиқди. Самолёт бўлаклари орасидан бир жасад чиққан, аммо унинг шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган.
61 ёшли Жеймс Хорнер афсонавий My heart will go on қўшиғининг бастакори ҳисобланади. Хорнер «Титаник», «Аватар», «Тафаккур ўйинлари», «Шерюрак», «Жуманжи», «Балто», «Коммандо», «Зорро ниқоби», «Рамзий оқ патлар», «Троя», «Янги ўргимчак одам» ва бошқа яна кўплаб фильмларга мусиқа ёзганди. У ўз ишлари учун «Оскар», «Олтин Глобус» ва «Грэмми» мукофотларига лойиқ кўрилганди.
Изоҳ (0)