2011 йил 2 майда йўқ қилинган террорчи Усама бен Ладеннинг ўғли АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб, отасининг ўлимини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни сўраган, деб хабар беради ТАСС.
Бу ҳақда WikiLeaks сайти томонидан АҚШнинг Саудия Арабистонидаги элчихонасига тегишли ҳужжатлар чоп қилинганидан кейин маълум бўлди.
АҚШнинг Ар-Риёддаги бош консули Глен Кайзер томонидан Абдулла бен Ладенга мактуб 2011 йил 9 сентябрда жўнатилган.
«Мен сизни отангиз Усама бен Ладеннинг ўлганини тасдиқловчи гувоҳномани олиш ҳақидаги сўровингизни олдим. АҚШ давлат департаментининг ҳуқуқий экспертлари ўлим ҳақидаги гувоҳнома чиқарилмаганлигини маълум қилди. Бу ҳарбий операциялар вақтида ўлган шахслар билан бўлиб турадиган одатий ҳол», — деб ёзган консул.
Кайзер ўлим ҳақидаги гувоҳноманинг ўрнига Абдулла бен Ладенга Америка юстицияси томонидан берилган, унинг отасини ўлганлиги ва биринчи рақамли террорчини қидириш ишлари тўхтатилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган.
«Умид қиламанки, АҚШ маъмуриятининг бу ҳужжатлари сиз ва оилангиз учун фойдали бўлади», — деб консул ўз мактубини тугатган.
Изоҳ (0)