NowSecure компанияси тадқиқотчилари Samsung смартфонлари софтида ҳимояланмаган Wi-Fi тармоғи орқали қурилма эгасига тегишли ахборотни қўлга киритиш имконини берувчи камчилик топди, дея хабар бермоқда «Газета.ru».
Муаммо 2012 йилда чиқарилган Galaxy S3’дан бошлаб Samsung’нинг Android’да ишлайдиган барча смартфонларига тааллуқлидир. NowSecure ҳисоб-китобларига кўра, бундай қурилмалар жами 600 миллионтани ташкил этади.
Камчилик клавиатура ишлаши учун жавобгар бўлган дастурий таъминотда аниқланган, ундан стандарт клавиатурани ўчириб қўйиш орқали қутулиб бўлмайди. Экспертлар потенциал хавф даражасини 10 баллдан 8,3 баллга баҳоламоқда.
NowSecure аниқлик киритишича, камчиликдан фойдаланиш унчалик осон эмас, бунинг учун қурилмага клавиатура софти янгиланаётган вақтда уланиш керак.
Тадқиқотчилар ушбу муаммони етти ой аввал аниқлаган ва Samsung’га хабар берган эди. Бироқ ўша вақтдан буён ҳеч қандай чора кўрилмагани сабабли NowSecure камчилик ҳақидаги ахборотни ошкор этишга қарор қилди.
Изоҳ (0)