Пуэрто-риколик боксчи Мигел Котто WBC танлови бўйича 72,6 килограммгача бўлган вазнда жаҳон чемпиони унвонини ўзида сақлаб қолди. ТАСС хабарига кўра, у австралиялик Денил Гилга қарши Нью-Йоркда бўлиб ўтган 12 раундлик жангнинг 4-раундидаёқ рақибини нокаутга учратди.
Бу Коттонинг профессионал рингдаги 40-ғалабаси бўлди (шундан 33таси нокаут билан ғалаба қозонган), шунингдек, у тўрт марта мағлуб бўлган. Бу жанг бир йил аввал аргентиналик Серхио Мартинес устидан қозонилган ғалабадан кейинги илк жанг бўлди – Котто ўшанда жаҳон чемпиони камарини қўлга киритганди.
Гил билан ўтказилган жанг учун Котто 17 миллион долларга яқин мукофот пули олди. Roc Nation промоутерлик компанияси билан имзоланган келишувга асосан, у яна иккита жанг ўтказиши ва умумий ҳисобда 50 миллион доллар миқдорида мукофот пули олиши керак.
Котто кейинги жангни мексикалик Саул Алваресга қарши ўтказиши мумкин.
Изоҳ (0)