Жанубий Кореянинг Кёнгидо вилояти маъмурияти Коронавирус томонидан келиб чиққан Яқин Шарқ респиратор синдроми (ЯШРC-КоВ, MERS) тарқалиши олдини олиш мақсадида Пхёнтхек шаҳрида 40та болалар боғчаси ва мактабларни ёпди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
«MERS билан касалланганлар жойлаштирилган касалхона яқинидаги 18та болалар боғчаси ва 22та бошланғич мактаб фаолияти бир ҳафтага тўхтатилди», - дейилади вилоят таълим бошқармаси томонидан тарқатилган ахборотда. Бошқарма маълумотларига кўра, касаллик мазкур таълим муассасаларига сизиб кириши мумкин.
Маълумот учун, Жанубий Кореяда MERS билан касалланганлар сони 25 нафарга етди, бундан ташқари, мамлакатда икки киши мазкур коронавирус натижасида вафот этган. Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб 682 киши карантинга жойлаштирилган.
Аввалроқ Жанубий Корея бош вазири вазифасини бажарувчи Чхве Гён Хван ҳукуматнинг сешанба куни бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишида аҳоли орасида ваҳима кўтарилмаслиги учун барча зарур чораларни кўришга чақиранди.
Айни вақтда, бош вазирнинг қайд этишича, мамлакат аҳолиси «тиббиёт масъулларининг касалликка қарши ҳаракатлари самарасиз бўлди деб ҳисоблаяпти». «Халқимиз хавотирини йўқотиш учун барча имкониятлардан фойдаланишимиз шарт», – деди бош вазир.
Янги коронавирусли инфекция илк бор 2012 йили Саудия Арабистонида қайд этилганди. Вирус камида тўққиз мамлакатни – Саудия Арабистони, Қатар, Иордания, Франция, Германия, Буюк Британия, БАА, Тунис ва Италияни қамраб олган.
Вирус грипп каби ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Ҳозирги вақтда MERS-CoV’га қарши вакциналар мавжуд эмас.
Изоҳ (0)