15 май куни Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жак-Анри Эльс билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилади UzDaily.
Учрашув давомида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молия-техникавий ҳамкорлик ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги йиғилиши, «МЕДЕФ» делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи, Франция агентлиги билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва Франциянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
2014 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Франция ўртасидаги товар айланмаси 287 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи чорагида товар айланмаси 7 фоизга ўсди ва 70 миллион долларни ташкил қилди.
Ўзбекистонда Франция инвестицияси иштирокидаги 14 та корхона ва Франция етакчи компанияларининг 10 та ваколатхонаси фаолият юритмоқда.
Изоҳ (0)